Book Reviews (Русский)

НИМА САБАБДАН ЎЗБЕКЛАР “ЎТКАН КУНЛАР”НИ СЕВИБ ЎҚИЙДИЛАР?

 

Суюкли адибимиз Абдулла Қодирий ҳамда унинг қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романи билан боғлиқ фавқулодда ноёб ҳолатлар бир қанча. Биз бу фавқулодда-феноменал ҳолатларни ҳеч иккиланмай “мўъжиза” деб атасак ҳам мутлақо хато бўлмайди.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Абдулла Қодирий – Жулқунбой романнинг илк фаслларини 1923-24 йилларда “Инқилоб” журналида эълон қила бошлаган. Бу пайтда адиб 30 ёш арафасида бўлган. Мўъжизанинг бошланиши шу ерда.

ХХ асрнинг бошларида Туркистонда кенг халқ оммасининг туриш-турмуши ниҳоятда оғир кечган. Хусусан Россияда амалга оширилган Октябрь тўнтаришидан сўнг сиёсат қандай бўлади, одамлар қайси йўлдан борадилар, булар номаълум, қолаверса,  саводсизлик, йўқчилик авжида бир пайтлар эди.

Абдулла Қодирий 1894 йилнинг апрель ойида Тошкентда боғбонлик билан кун кўрувчи камбағал оилада дунёга келди. “Қорним ошқа тўймаған, устим тузукроқ кийим кўрмаган” деб тасвирлайди адиб ўз болалигини. Мактабга борганида у 9-10 ёшда эди, икки-уч йил эски усул мактабда таҳсил олгач, оиланинг ўта қашшоқлиги сабаб 12 ёшида бойга хизматчиликка беришади. Хўжайин савдогар эди, хизмат юзасидан унга рус тилини биладиган ёрдамчи керак бўлади. Шу мақсадда Абдуллани рус-тузем мактабига ўқишга юборади. Икки йил мобайнида у ҳам ишлаб, ҳам ўқийди. Савдогар хўжайин хизматидан кетгач ҳам мактабда ўқишни давом эттиради. Қодирий ўз тили билан айтган таржимаиҳолидан ўқиймиз: “Шу миёналарда (1915 йилда. ­– Х.Д.) бозор воситаси билан татарлардан чиқадирған газеталарни ўқуб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтурдим”.

Эътибор берайлик, дунёда газета деган нарса борлигидан биринчи бор хабар топган 20-21 ёшли йигит орадан 8-9 йил ўтиб-ўтмай роман ёзмоқда! Мўъжиза эмасми бу?!

Мана шу орада ўтган 8-9 йилда Қодирий нима билан машғул бўлди?

У маҳаллий газеталарга кичик-кичик мақолалар, хабарлар ёзишни машқ қилди. “Бахтсиз куёв” номли саҳна асарини ёзди. “Яна шу йилларда татарларда чиқиб турған ҳикоя ва рўмонларга тақлидан “Жувонбоз” отлиқ ҳикоячани ёзуб, ношир топилмағанидан, ўзим нашр қилуб юбордим” дейди ёзувчи. Бир сўз билан айтганда, Абдулла Қодирий бир неча жойда ишлаш билан бир вақтда тинмай ўқиди, ўзида пайдо бўлган ёзувчиликка ихлос қўйиб, ушбу қобилиятини қандай бўлмасин ўстириш, шакллантириш чорасини излади.

Ижоднинг бошланиш босқичида тақлид табиий ҳол, буни адибнинг ўзи ҳам тан олиб айтмоқда. Лекин тақлидда тақлид бор. “Ўткан кунлар” Абдулла Қодирий (Жулқунбой)нинг “Ёзғучидан” номли қисқа сўзи билан очилади. Мазкур қисқа сўзда бир неча муҳим жиҳатлар борки, айниқса хорижий китобхон унга эътибор қилса романни ўқишига, уни тўғри тушунишига ёрдам бўлади.

Биринчидан, “янги даврга оёқ қўйдик” демоқда адиб. Яъни замон ўзгарди, шундай экан янгиликларга эргашмоғимиз керак.

Иккинчидан, халқимизда қадимдан мавжуд бўлган достончилик, ромончилик, ҳикоячиликни ҳам янгилашга мажбурият ҳис этмоқдамиз. Яъни, янги давр адабиётини яратмоғимиз даркор.

Учинчидан, янги замон романчилиги билан танишиш йўлида “кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир ҳавас”да “Ўткан кунлар” яратилди. Яъни, замонавий ўзбек адабиёти майдонида замонавий роман яратилди.

Тўртинчидан, адиб ҳар ишнинг ибтидосида камчиликлар, етишмовчиликлар бўлиши табиийлигини огоҳлантирмоқда. Яъни, олдиндан ўқувчилардан узрли эканлигини билдирмоқда.

Бешинчидан, ҳавас ила “жасорат этдим, ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчиб турмадим”. Яъни, адиб соф ўзбекона таваккалчилик билан бу ишга қўл урганини англатмоқда.

Олтинчидан, роман учун тарихий воқеаларга мурожаат қилар экан, муаллиф “тарихнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги “хон замонлари”дан белгуладим” деб ёзади. Яъни, мавзуни олис тарихдан эмас, ўлкадаги ярим аср бурунги воқеаларни роман марказига олиб чиққанини уқдирмоқда.

Ана энди савол туғилади: ёш,  тажрибасиз, бошловчи ёзувчи шу қадар атрофлича мулоҳаза билан асар ёзишга киришгани ҳақиқий бадиий-интеллектуал мўъжиза эди!

Романнинг бош қаҳрамони Отабек 24 ёшда, мадраса кўрган,  Тошкент ҳокимининг маслаҳатчиси Юсуфбек ҳожининг яккаю ягона ўғли.  У савдогарчилик ишлари билан Марғилон шаҳрига боради. Тасодифан Мирзакарим қутидор исмли обрўли одамнинг қизи Кумушбибини кўриб, ҳушидан айрилгудек аҳволга тушади. Эътибор берилса, бу тарзда севиб қолиш халқ эртаклари, достонларида кўп учрайди. Китобхонинг кўнглида биринчи савол туғилади: хўш, кейин нима бўлади? Йигит қизга етишадими ёки йўқми?

(Бунга ўхшаш ҳолатлар ҳозирги замонавий асарларда ҳам кўп учрайди ва ҳамон ўқувчиларни қизиқтирувчи сюжет йўналиши ҳисобланади.) Асарнинг дастлабки саҳифаларида ўқувчининг ичига “ўт қалаган”, яъни қизиқтирган мазкур савол 11-фаслга боргандагина ечим топади, яъни Отабек билан Кумуш оила қурадилар. Бироқ бахтиёр дамлар узоққа бормайди, ҳудди эртак ва достонларда бўлганидек, қора кучлар ишга тушади. Икки хотини бўлган Ҳомид исмли киши Кумушни ҳам хотинликка олиш нияти барбод бўлгач, аламига чидолмай Отабек ва унинг қайнотаси Мирзакарим қутидордан қасд олиш мақсадида чақимчилик йўлини тутади. Бунда унга Тошкентда бошланиб кетган қонли тўқнашув қўл келади.

Тарихда нима сабаб бўлган эди бундай қонли тўқнашувга?

Бу саволга жавоб беришдан аввал айтиш керакки, агар роман фақат икки севишган қалб эгаларининг тақдири билан боғлиқ бўлганида асарни асосан маиший-саргузаштсевар китобхонлар қизиқиб ўқиган бўлишарди холос. Лекин “Ўткан кунлар”нинг тарихий, ижтимоий-сиёсий маъно қатламлари ҳам борки, шулар туфайли асар ҳозирга довур тарихий, сиёсий, маънавий нуқтаи назарлардан ҳам қимматлидир. Ўтмишнинг энг кир, қора кунлари деганда адиб айни шу воқеаларни назарда тутган эди.

Гап нимада?

Қадим-қадимдан ҳозирги Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳокимлиги Қўқон хонлигига бўйсунган. Бироқ вақти-вақти билан хонликка қарши оёққа турган. Унутмайлик, роман қаҳрамонлари Отабек билан Кумушбиби ўртасида никоҳ бўлиб ўтган кунларда Тошкент Қўқон хонлиги томонидан қамалга олинган эди. Ҳомид ўзининг паст нияти йўлида ана шу воқеадан фойдаланади ­– у Мирзакарим қутидор билан Отабекни Қўқон хонлигига хиёнатчи сифатида чақимчилик қилади. Шу тариқа маиший зиддиятлар билан ижтимоий тўқнашувлар аралашиб кетади.  Қодирийнинг ёзувчи сифатидаги маҳорати ҳам мана шунда.

Отабек билан Мирзакарим қутидор қамоққа олинади.

Шу ўринда мен роман воқеаларини батафсил ҳикоя қилишдан тийиламан. Мақола чўзилиб кетмаслиги учун асардаги икки йўналишга тўхталишга ҳаракат қиламан.

Биринчиси, табиий, Отабек билан Кумуш тақдири.

Отабекни онаси Ўзбек ойим қадимдан қолган хонаки анъаналарга тиш-тирноғи билан ёпишган аёл. У ҳеч кимга сўз бермайди, фақат ўз қарашларини тўғри деб билади. Юсуфбек ҳожидек доно вазир ҳам унга бўйсунади. Отабекдек ўқиган, тушунган ўғли ҳам унинг измидан чиқмайди ва Тошкентдан онаси топган қиз ­– Зайнабга уйланади. Марғилонда Кумуш, Тошкентда Зайнаб ­– икки оила ўртасида Отабек руҳий азобда қолади. Бунинг устига у Ҳомид томонидан уюштирилган фитна туфайли қайнотаси Мирзакарим қутидор томонидан қувилади. Отабек ёлғиз ўзи фитначиларга қарши курашади ва бир ўзи уч рақибини пичоқлаб ўлдиради.

Романдаги иккинчи йўналиш, бу ­– хонлик ва ҳокимлик ўртасидаги маънисиз урушлар, уруғлар ўртасидаги туганмас қирғинлар. Бу масалалар Юсуфбек ҳожи орқали кўрсатилади.

Романнинг учинчи қисми 9-фасли бежиз “Ҳожи этак силккан” деб номланмаган. Чунки ўзбекларда этак сикиш қаттиқ баҳсли ҳолатларда томонларнинг келишолмаслиги белгиси ҳисобланади. Ҳозирги дипломатия тили билан айтганда, музокара учун учрашган давлат раҳбарлари ҳужжатларни имзолашдан бош тортганга тенглаштириш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Юсуфбек ҳожи ўзаро уруш-жанжаллар тўхтатилиши тарафдори. Қуйидаги қисқа парчада Юсуфбек ҳожининг дунёқараши, ҳаётни, сиёсатни, ҳатто яқин келгусидаги юртнинг аянчли қисматини қанчалар чуқур англашини кўрсатади: “Биродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарвозамиз тегида қўр тўкиб ўтирибдир. Шундай машҳар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалон деб қирилишсак ҳолимиз нима бўладир. Бу тўғрида ҳам фикр қилғучимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлик кўриб қўймаймизми?!” (3-бўлим, 1-фасл.) Юсуфбек ҳожи бу фикрларини ўғли Отабекка ҳам айтади: “Иттифоқни нима эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсак яқиндирки, ўрус истибдоди  ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйинтуруғини кийдирган бўламиз” (3-бўлим, 3-фасл.)

Мен бу ўринда ҳурматли ўқувчиларнинг эътиборини бунчалар даҳшатли гаплар ёзилган ва роман қаҳрамонининг тилидан айтилган даврни тасаввур қилишларига даъват этган бўлардим. Абдулла Қодирийнинг жасорати ва башорати узоқ ўтмай ўз тасдиғини топганига ҳайратга тушмай иложи йўқ! 1926 йилнинг февраль ойида (бу вақтда “Ўткан кунлар” чоп этилган эди!) Абдулла Қодирий “Муштум” сатирик журналида босилган “Йиғинди гаплар” мақоласи учун қамалади. Энди савол туғилади: адибнинг бу қамалишида “Ўткан кунлар”дан келтирилган юқоридаги гаплар ҳам сабаб бўлмай қолмагандир? 1938 йили 44 ёшида отиб ташланишида асосий сабаблардан бири бўлганига эса шак-шубҳа йўқ. Роман хотимасидаги сўнгги тафсилот ҳар қандай ўзбек китобхони қалбини ларзага солади. Юскфбек ҳожига етиб келган мактублардан бирида қуйидагилар битилган эди: “Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқнашувимизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона  урушиб шахид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим…” (3-бўлим, 17-фасл.)

Отабекнинг тақдирида Туркистон ўлкасининг тақдири бутун аянчи билан акс топган. Яъни, Отабек суюкли ёри Кумушбибидан эрта айрилади, иккинчи хотини Зайнаб эсдан оғади. Инсон бошига тушган бундай аламли қисмат романнинг ниҳоятда оммалашувига замин яратди. Асар қўлма-қўл ўқилди, адиб халқ душманига чиқарилган, унинг ёзганлари қатағон этилган йилларда ҳам одамлар яширинча, кечалари лампа чироғи, пилик чироғи ёруғида “Ўткан кунлар”ни ўқишни тўхтатмаганлар.

Яна бир мўъжиза ­– роман қаҳрамонларининг ТИЛИ! Орадан бир аср ўтиб бормоқда “Ўткан кунлар” яратилганига, лекин Қодирийнинг бу асар, бу персонажлар учун топиб-топиб қўллаган сўзлари, лутфи ҳали мисли кўрилмаган адабий мўъжиза сифатида заррача ўз қадр-қимматини йўқотмади, балки ушбу романга, адибнинг сўз ва тасвир маҳоратига бўлган муҳаббатга муҳаббат қўшиб келмоқда.

Муаллифнинг ғоятда ноёб тасвир услуби ҳақида сўз борар экан, яна бир мулоҳазани айтишга тўғри келади.

“Ўткан кунлар” гарчи кичкина бир тажриба, ҳавас йўлида яратилган бўлса-да, унда фавқулодда мураккаб тасвир услублари ҳам учраши бугунги ўқувчини ҳайратга солмай қўймайди. Замонавий модерн адабиётининг асосчиларидан ҳисобланган француз адиби ва эссенависи Эдуар Дюжарден  (1861-1949) мураккаб руҳий ҳолатларга тушган қаҳрамоннинг онгости ўйлари тасвирланишини ёзган. Худди шундай ҳолатга тушган Отабекнинг ўта мураккаб ва чигал руҳий ҳолати романнинг “Жонсўз бир хабар ва қўрқунч бир кеч” фаслида (2-бўлим) “Хўжа Маъоз” қабристони тасвирида юксак маҳорат билан тақдим этилганки, бу каби мисоллар бундан 100 йил муқаддам яратилган “Ўткан кунлар” романини энг замонавий жаҳон адабиёти дурдоналари сафида кўришга тўла асос беради.

2019 йил буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланган йили “Ўткан кунлар” романи АҚШда Марк Эдвард Риз томонидан инглиз тилига таржима қилингани ва китоб ҳолида нашр этилгани мамлакатимизда катта эътиборга сазовор бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таржимонга махсус мактуб йўллади. Сўнгра ўзбек ёзувчилари номидан ушбу мақола муаллифи “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Абдулла Қодирий, “Ўткан кунлар”, мўъжизалар” сарлавҳали очиқ хатни босиб чиқарди (2020 йил 17 январь.) Бошқа сўз билан айтганда, ўзбекларнинг ардоқли адиби Абдулла Қодирий ҳамда энг суюкли романи бўлмиш “Ўткан кунлар” билан боғлиқ мўъжизалар ҳеч қачон тугамаслигига ишонаман.

                                            Хуршид Дўстмуҳаммад,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи, филология фанлари доктори

Фойдаланилган адабиётлар